Тақдиру азал
Севгидан гапирма десам ёлвориб,
Севдирдингу, нега сен кетдинг?, наҳот?
Кўзларим ёшини оқизиб қўйиб,
Ғаму-дардларимдан олдингми роҳат?
Жону-жаҳонимни айласам фидо,
Тўхтамай жафолар қилавердинг-а?
Топтаб кетишмиди асл муддао?
Юракка озорлар беравердинг-а?
Мана боқ қаршингда турибман мағрур,
Гўёки шодонман, юзимда кулгу.
Қаддим тутиб турибди ғурур,
Аслида сарғайиб, синган ниҳол у.
Майли куйган дилим тўлдир озорга,
Сен учун дардларим бўлолса малҳам.
Ахир қайтмаганку Қайс ҳам ортига,
Ишқ уни мажнунга айлантирса ҳам.
Сени ҳам айбламоқ хато, агарки -
Ёзуғимда бўлса мунгли бир ғазал.
Сенинг оташингда куймоқлик балки,
Қисматга битилган тақдиру азал.